ГЛОБАЛ ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ ШАРОИТИДА СУВ РЕСУРСЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ГЛОБАЛ ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ ШАРОИТИДА СУВ РЕСУРСЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

Дунёда сув танқислиги муаммоси йил сайин долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтдилар. Мурожаатноманинг асосий қисми – 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастурдан экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи ҳам ўрин олгани бунинг тасдиғидир.
Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда йилига 7 миллиард куб метр сув етишмовчилиги кузатилади, 2050 йилга бориб эса мазкур кўрсаткич икки баробар ошади, яъни сув тақчиллиги 15 миллиард куб метрга етади. Табиийки, сув ресурсларининг камайиши мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишида жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 22 апрель куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммитнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида бугунги кунда экологик муаммоларни глобал иқлим ўзгаришларидан айри ҳолда кўриб чиқиб бўлмаслигини таъкидлади.
– Глобал исиш суръатларининг тезлашиши давом этмоқда, Марказий Осиё минтақасида эса ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилмоқда, сув ресурслари танқислиги ортиб бормоқда. Ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учради, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиёдаги иқлим ва экология муаммоларини ҳал қилиш, сувни тежаш бўйича бир қатор аниқ ташаббусларни илгари сурди.
Шу ўринда бир фикрни айтиб ўтиш керак. Бугун Ўзбекистон сув ресурсларини тежаш, сув таъминотини яхшилаш ва қишлоқ хўжалигида сув сарфини камайтириш бўйича минтақа мамлакатларига ибрат бўлмоқда.
Соҳадаги ислоҳотлар жараёнида йирик гидротехника иншоотлари ва ирригация тизимларини тўғри эксплуатация қилиниши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мутахассислар яхши билади, гидротехника иншоотларининг вазифаси сув ресурсларини бошқариш, сувни тўплаш, сақлаш ва керакли ҳудудларга етказиб беришдан иборат.
Шу билан бирга деҳқончиликда сув таъминотини барқарорлаштиришда ҳамда айниқса қуруқ иқлимли ҳудудлар учун ушбу гидротехника иншоотларининг аҳамияти жуда муҳимдир.
Сув ресурсларининг шаклланиши ҳамда мамлакатимизга кириб келишида асосан иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё манба ҳисобланиб, улар Орол денгизи ҳавзасини ташкил қилади. Бунда жами оқим миқдорининг 67,4 фоизини Амударё ташкил қилса, қолган 32,6 фоизи Сирдарё ҳисобига тўғри келади.
Сув хўжалиги соҳасида сувни жойларга кафолатли етказиб беришда республикамизда 70 дан зиёд сув омбори ва сел сув омборлари, 4,5 мингга яқин суғориш қудуқлари, 1 700 дан зиёд насос станциялар, 39 200 та турли хил гидротехника иншоотлари (гидропостлар, дюкерлар, гидроузеллар ва бошқа), 27 300 та кузатув қудуқлари, 3 973 та мелиоратив қудуқлар, 28 400 км узунликдаги каналлар ва 140 минг км. дан ортиқ ички тармоқларлардан фойдаланилади.
Таҳлилларга кўра, 2026 йил 15 май ҳолатига республикамиздаги сув омборларда жами сув захиралари 12 млрд. 441 млн. куб метрни ташкил қилмоқда. Ўтган 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 227 млн. куб метр (12%) кўп сув йиғилган бўлиб, бу кўрсаткич ўртача ўтган уч йилликка нисбатан 1 млрд. 131 млн. куб метр (90%) кўп сув йиғилганлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, сўнги йилларда сув омборлари ва сел сув омборларининг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш бўйича кўплаб амалий тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 17 та сув омборларида фавқулодда вазиятларда аҳолини эрта огоҳлантирувчи локал хабар бериш тизими жорий қилинди, 16 та сув омборларига сейсмик қурилмалар ва 44 та сув омборларида сув сатҳини онлайн ўлчайдиган датчиклар ўрнатилди.
Шунингдек, сув омборларининг мустаҳкамлиги бўйича 20 дан ортиқ сув омборлари тўғонларининг деформацияланиш, силжиш ва чўкиш динамикасининг космик мониторинги амалга оширилди ва 60 дан ортиқ сув омборларининг сув ҳажми ўлчанди ҳамда назорат-ўлчов қурилмаларидан олинаётган маълумотлар марказлашган диспетчер хизматига уланиб, рақамлаштирилди.
Қисқа қилиб айтганда, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши, аҳоли сони ўсиши ва сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши ҳамда трансчегаравий сув масалалари сув танқислигини кучайишига олиб келмоқда. Шу боис сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан тежамкорлик асосида фойдаланиш ва мавжуд сув захираларини самарали бошқариш бугунги куннинг устувор вазифасига айланган.
Шундай экан, сувни асраш нафақат сув хўжалиги ходимлари ва мутахассислар, балки каттаю-кичик – барчанинг бурчига айланмоғи зарур!

19-05-2026, 14:32
Sahifaga qaytish